Сўровнома
  1. Сиз учун ахборот ошкорлиги учун қандай маълумотлар базаси зарур?
Бўш иш ўринлари

Ишсиз шахсларни касбга тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш

Ишсиз шахсларни касбга тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш

Давлат ишсиз шахсларга қуйидагиларни кафолатлайди:

- ишсизлик нафақаси тўлаш;

- меҳнат органларининг йўлланмаси бўйича касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ёки малака ошириш даврида стипендия тўланиши ҳамда шу даврни умумий меҳнат стажига қўшиш;

- ишсиз шахсга қарамоғидагиларини ҳисобга олган ҳолда моддий ёрдам бериш;

- ҳақ тўланадиган жамоат ишларида қатнашиш имконияти;

- меҳнат органларининг таклифига биноан ишлаш учун ихтиёрий равишда бошқа ерга кўчиш билан боғлиқ харажатларини қоплаш.

Меҳнат органларида рўйхатга олинган ва ишсиз деб эътироф этилган шахсларни касбга тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш қуйидаги ҳолларда амалга оширилиши мумкин, агар:

- ишсиз шахс зарур касб малакасига эга бўлмаганлиги туфайли унга мақбул келадиган иш танлаш мумкин бўлмаса;

- ишсиз шахснинг касб кўникмаларига мос келадиган иш йўқлиги сабабли унинг касбини (мутахассислигини, машғулот турини) ўзгартириш зарур бўлса;

- ишсиз шахс аввалги касби бўйича иш бажариш қобилиятини йўқотган бўлса.

Ишсиз шахсларни касбга тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш ўқув юртларида меҳнат органларининг йўлланмалари бўйича Иш билан таъминлашга кўмаклашувчи давлат жамғармасининг ана шу мақсадлар учун назарда тутилган маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

«Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг25-моддасида* кўрсатиб ўтилган шахслардан ташқари ишидан ва иш ҳақидан (меҳнат даромадидан) маҳрум бўлган, меҳнат органларида рўйхатга олинган, қарамоғида вояга етмаган болалари ва бошқа кишилар бўлган шахсларга касбга тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, малака ошириш даврида олдинги иш жойидаги ўртача ойлик иш ҳақининг камида етмиш беш фоизи (қарамоғида болалари ва бошқа кишилар бўлмаганларга эса — эллик фоизи) миқдорида, бироқ қонун ҳужжатларида белгиланган энг кам иш ҳақи миқдоридан оз бўлмаган ва Ўзбекистон Республикасида таркиб топган ўртача иш ҳақидан ортиқ бўлмаган миқдорда стипендия тўланади.

Узоқ вақт (бир йилдан кўпроқ) ишламаётган, биринчи марта иш қидираётган ҳамда касбга тайёрлашга ва қайта тайёрлашга, малака оширишга муҳтож шахсларга аҳолининг шу тоифаси учун назарда тутилган ишсизлик нафақасидан оз бўлмаган ва қонун ҳужжатларида белгиланган энг кам иш ҳақидан ортиқ бўлмаган миқдорда стипендия тайинланади.

Ишсиз деб эътироф этилган шахслар ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда касбга тайёрлаш ва қайта тайёрлашдан ўтгандан, малака оширишни тугатгандан кейин қонун ҳужжатларида белгиланган энг кам иш ҳақидан оз бўлмаган миқдорда ишсизлик нафақаси олиш ҳуқуқига эга.

*25-модда. Меҳнат шартномаси алоҳида асосларга кўра бекор қилинганда ходимларга моддий мадад бериш учун белгиланган қўшимча кафолатлар

Меҳнат шартномаси:

ходим янги меҳнат шартлари асосида ишлашни давом эттиришни рад этганлиги сабабли;

технологиядаги, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишдаги ўзгаришлар, ходимлар сони (штати) ёки иш хусусиятининг ўзгаришига олиб келган ишлар ҳажмининг қисқарганлиги ёхуд корхонанинг тугатилганлиги сабабли;

ходимнинг малакаси етарли бўлмаганлиги ёки соғлиғи ҳолатига кўра бажараётган ишига нолойиқлиги сабабли;

шу ишни илгари бажариб келган ходим ишга қайта тикланиши сабабли бекор қилинган ҳолларда иш қидириш даврида икки ойдан ортиқ бўлмаган давр мобайнида ходимларнинг ўртача ойлик иш ҳақи сақланиб қолади, бунда ходимга тўланган бир ойлик ишдан бўшатиш нафақаси ҳам қўшиб ҳисобга олинади.

Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган кафолатлар мулкдор ўзгарганлиги сабабли корхона раҳбари билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинган ҳолларда ҳам татбиқ этилади.

Агар ушбу модданинг биринчи ва иккинчи қисмида кўрсатилган ходимлар меҳнат шартномаси бекор қилинган кундан бошлаб ўн календарь кун мобайнида маҳаллий меҳнат органида иш қидираётган шахс сифатида рўйхатдан ўтсалар, маҳаллий меҳнат органи берган маълумотномага биноан учинчи ой учун ҳам олдинги иш жойларидан ўртача иш ҳақи олиш ҳуқуқига эга бўладилар.

Ушбу модданинг биринчи ва иккинчи қисмида кўрсатилган ходимларга уч ой мобайнида мақбул келадиган иш топиб берилмаган тақдирда, улар ишсиз деб эътироф этилади.

Ушбу модданинг биринчи ва иккинчи қисмида кўрсатилган, меҳнат шартномаси бекор қилингандан кейин ўн кун ичида маҳаллий меҳнат органида рўйхатга олинган ва касби бўйича қайта ўқитилаётган ёки ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда малакасини ошираётган ходимларга ушбу Қонуннинг мазкур моддаси саккизинчи қисмида ҳамда 26-моддасиданазарда тутилган тартибда ва миқдорларда стипендия тўланади.

Агар иш берувчи ночор (банкрот) деб топилса, у билан меҳнатга оид муносабатларда бўлган ходимлар иш ҳақи ва ўзларига тегишли бошқа тўловлар хусусида бошқа барча кредиторларнинг талабларига нисбатан имтиёзли ҳуқуқдан фойдаланадилар.

Тугатилаётган корхоналарнинг маблағи бўлмаган тақдирда, ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган ходимларга компенсациялар иш билан таъминлашга кўмаклашувчи давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан тўланади.

Корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар тугатилиши, ходимлар сони (штати) қисқартирилиши муносабати билан ишдан озод этилган, меҳнат шартномаси бекор қилингандан кейин ўн кун ичида меҳнат органларида рўйхатга олинган ҳамда касби бўйича қайта ўқитилаётган ёки ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда малакасини ошираётган ходимларга меҳнатга оид муносабатлар тўхтатилган кундан бошлаб дастлабки уч ой давомида олдинги ишидаги ўртача иш ҳақидан кам бўлмаган миқдорда стипендия тўланади.

Меҳнат органи корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг бошқа корхоналар, муассасалар ва ташкилотлардан ишдан бўшатилаётган шахсларни ишга қабул қилишда уларнинг ўқишини ташкил этиш харажатларини тўла ёки қисман қоплаши мумкин.

Ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодиса туфайли ёки ўзларига боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра касб касаллигига йўлиқиш натижасида ишдан маҳрум бўлган ҳамда ишга жойлашишга ва касбга тайёрлашга ва қайта тайёрлашга, малакани оширишга муҳтож шахслар ишдан озод этилган ходимларга тенглаштирилади.

Технологиядаги, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишдаги ўзгаришлар, ходимлар сони (штати) ёки иш хусусиятининг ўзгаришига олиб келган ишлар ҳажмининг қисқарганлиги ёхуд корхонанинг тугатилганлиги муносабати билан ишдан озод этилган ва ишсиз деб эътироф этилган, пенсия таъминоти тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ пенсияга чиқиш учун талаб этиладиган умумий меҳнат стажига эга бўлган шахсларга муддатидан олдин (қонун ҳужжатларида белгиланган умумий асосларга кўра пенсия тайинлаш муддатидан икки йил олдин) пенсияга чиқиш ҳуқуқи берилади.



  • 1966