Об-ҳаво
Сўровнома
  1. Сиз учун ахборот ошкорлиги учун қандай маълумотлар базаси зарур?
Ўзбекистон янгиликлари

Ўзбекистон делегацияси “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” учрашувида иштирок этди

08.07.2019
2019 йилнинг 7 июль куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов бошчилигидаги делегация “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” шаклидаги 15-вазирлар учрашувида иштирок этди.
Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон, Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ташқи сиёсат идоралари раҳбари турли соҳалардаги минтақалараро алоқаларнинг долзарб масалаларини муҳокама қилдилар.
Евроиттифоқнинг Ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича Олий вакили, Еврокомиссия Вице-президенти Федерика Могерини ўз нутқида 17 июнь куни тасдиқланган ЕИнинг Марказий Осиёдаги янги Стратегиясига алоҳида урғу берди.
Вазир Абдулазиз Камилов йиғилишдаги нутқида ЕИнинг Марказий Осиё бўйича янги Стратегиясида ифодаланган мақсадлар ва вазифалар Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ишлаб чиқилган 2017-2021 йилларда Ўзбекистонни ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясига тўлиқ мос келишини қайд этди. Вазир Евроиттифоқнинг минтақамиз мамлакатлари иқтисодини диверсификациялаш ва рақабатбардош қилишни қўллаб-қувватлашга тайёр эканлигига юқори баҳо берди.
“Ўзбекистон Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича янги стратегиясини муваффақиятли амалга ошириш мақсадида ЕИ билан самарали ва конструктив ҳамкорлик қилишга қатъий содиқ”, - деди Вазир.
Ўзбекистоннинг устувор соҳаларда, жумладан Кенгайтирилган шерикчилик ва ҳамкорлик тўғрисида битим имзолаш орқали Евроиттифоқ билан алоқаларни жадаллаштириш тарафдори эканлиги қайд этилди.
Таъкидланганидек, Европа бизнеси ҳали фойдаланилмаган улкан салоҳиятни ишлатиши ва 100 миллиондан ортиқ аҳолига эга Марказий Осиё ва Афғонистон бозорига чиқиши мумкин.
Марказий Осиёдаги тўғридан-тўғри инвестицияларнинг деярли 60 фоизи хом-ашё саноатига йўналтирилганлигини инобатга олиб Вазир инвестицион лойиҳаларни ахборот технологиялари, телекоммуникация, молиявий хизматлар, машинасозлик, кимё саноати ва қайта тикланадиган энергия манбаалари каби соҳаларга қайта йўналтиришни таклиф қилди.
Абдулазиз Камилов минтақадаги алоқалар мавзусига тўхталар экан, давлатимиз раҳбари олиб бораётган ташқи сиёсатнинг асосий ғояси Марказий Осиёни умумий барқарорлик, хавфсизлик ва тараққиёт ҳудудига айлантириш эканлигини таъкидлади. Шу нуқтаи назардан Марказий Осиёдаги мамлакатлар раҳбарларининг умумий сиёсий иродалари туфайли ўзаро ишонч муҳити мустаҳкамланаётгани жуда муҳимдир. Бу кўплаб жиддий минтақавий муаммолар, биринчи навбатда хавфсизлик, чегаралар делимитацияси ва демаркацияси, экология, трансчегаравий сув манбаларидан оқилона фойдаланиш билан боғлиқ масалаларга салмоқли ва узоқ муддатли ечимлар топишга имкон беради.
Ўзбекистон делегацияси раҳбари Европа Иттифоқи билан Афғонистон бўйича самарали ҳамкорликни, хусусан савдо, инфратузилма, транспорт ва коммуникация алоқаларини ривожлантиришни алоҳида қайд этди.
Ўз нутқида Вазир маданий-гуманитар соҳада кўп томонлама алоқаларни ривожлантириш истиқболларига батафсил тўхталди.
Вазирлар учрашуви якунларига кўра Қўшма коммюнике қабул қилинди.


Манба: Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги

  • 215