Сўровнома
  1. Сиз учун ахборот ошкорлиги учун қандай маълумотлар базаси зарур?
    171 21%
    81 10%
    167 21%
    113 14%
    271 34%
Ўзбекистон янгиликлари

Қўшилган қиймат солиғининг “манфий” – қолдиқ суммаси қайтарилмоқда

Қўшилган қиймат солиғининг “манфий” – қолдиқ суммаси қайтарилмоқда
29.09.2020
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 14 августдаги “Қўшилган қиймат солиғи ҳамда чет эл юридик шахслари билан боғлиқ солиқ маъмурчилигини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан қўшилган қиймат солиғи тўловчилари ҳисобланган хўжалик юритувчи шахсларга қатор енгилликлар яратилди.

Хусусан, тадбиркорларга қўшилган қиймат солиғидан ҳосил бўлган “манфий” суммасини қайтариш бу тадбиркор учун жуда муҳим қулайлик бўлди.

Бугунги кунда Навоий вилоятида 3 минг 407 нафар қўшилган қиймат солиғи тўловчилари мавжуд бўлиб, мазкур тадбиркорларга “Солиқ органи – тадбиркорга кўмакчи” тамойили асосида хизмат кўрсатилмоқда. Аниқроғи, ушбу корхоналар яратилган имтиёзлардан самарали фойдаланмоқда.

Жумладан, вилоятдаги қўшилган қиймат солиғи тўловчиси ҳисобланган 72 та тадбиркорлик субъектларига жами 25 миллиард 200 миллион сўм маблағлар уларнинг ҳисоб рақамига қайтарилди.

Бугунги кунда тадбиркорларга белгиланган меъёрлар асосида тезлаштирилган ва умумбелгиланган тартибда хизмат кўрсатиляпти.

Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 274-моддасига асосан солиқнинг жами суммаси ўрнини тезлаштирилган тарзда қоплаш тартиби бу ҳақда солиқни қайтариш тўғрисидаги аризада кўрсатилган тақдирда, белгиланган тартибда йирик солиқ тўловчилар тоифасига киритилган юридик шахсларга, солиқни қоплашга доир ариза билан бирга амалдаги банк кафолатини тақдим этган ёки солиқ органлари билан гаров шартномасини Солиқ кодексининг тегишли моддаларида белгиланган тартибда расмийлаштирган солиқ тўловчиларга, экспорт ва унга тенглаштирилган операцияларни амалга оширадиган шахсларга — агар илгари бу шахсларга солиқ суммаси қопланган ва бунда қонунбузарликлар аниқланмаган бўлса, ноль даражали солиқ ставкаси қўлланилиши натижасида ҳосил бўлган солиқнинг ошиб кетган суммалари қисмида, хорижий давлатларнинг Ўзбекистон Республикасида аккредитациядан ўтган дипломатик ваколатхоналари, консуллик муассасалари ва уларга тенглаштирилган ташкилотлари, маҳсулот тақсимотига оид битим иштирокчиларига, агар бундай битимда ноль даражали ставка қўлланилиши назарда тутилган бўлса, солиқ мониторинги иштирокчиларига нисбатан қўлланилади.

Албатта, ариза солиқ тўловчи ҳисобга олинган жойдаги солиқ органларига солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали тақдим этилади.

Солиқ суммаси солиқ тўловчига солиқ органининг солиқ суммаси ўрнини қоплаш тўғрисидаги қарори асосида солиқ суммасини қоплаш (қайтариш) тўғрисидаги ариза тушган санадан эътиборан олтмиш кундан, тезлаштирилган тартибда эса етти кундан кечиктирмай қайтарилиши белгиланган.

Хуллас, солиқ тўловчиларга қўшилган қиймат солиғининг қолдиқ суммасини қайтариш улар фаолиятини қўллаб-қувватлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Навоий вилояти
Давлат солиқ бошқармаси матбуот хизмати



  • 259