Сўровнома
  1. Сиз учун ахборот ошкорлиги учун қандай маълумотлар базаси зарур?
Ҳокимият янгиликлари

Ёшлар тарбияси ва маънавият

09.11.2016
Бекобод шаҳрида “Маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини оширишда соҳа мутахассисларининг олдида турган долзарб вазифалар” мавзусида ҳудудий семинар-тренинг бўлиб ўтди.
 
Тошкент вилояти халқ таълими бошқармаси томонидан ташкил этилган тадбирда вилоят “Баркамол авлод” болалар маркази, туман, шаҳар халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлимлари, ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари, маҳалла фаоллари, маънавий-маърифий ишлар бўйича мактаб директорлари ўринбосарлари, ўқитувчилар иштирок этди.

Мамлакатимизда ёш авлодни жисмонан соғлом ва маънан етук инсонлар этиб тарбиялаш, юксак интеллектуал салоҳиятли кадрлар қилиб тайёрлаш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири экани таъкидланди.

Семинар бир неча босқичли амалий машғулотлар тарзида ташкил этилди. Машғулотлар, намунали дарс соатлари Бекобод шаҳридаги еттита умумтаълим мактабида ўтказилиб, уларда 800 дан зиёд умумтаълим мактабларининг маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосарлари иштирок этди.

– Намойиш этилган машғулотлар ва бошқа тавсияларнинг аксарияти слайд, видеоролик шаклига келтирилган, – дейди вилоят халқ таълими бошқармаси бош мутахассиси Я.Шодиева. – Бу материаллар семинар доирасида билдирилган фикр ва таклифлар билан бойитилиб, янада такомиллаштирилади. Иштирокчилар бу слайдларни ўзлари фаолият олиб бораётган мактаб ўқитувчиларига тақдим этиши мумкин. Бунинг натижасида тадбиримиз қамрови янада кенгайишига эришилади.

Тадбирда таълим муассасаларида ташкил этилган фан тўгараклари самарадорлигини ошириш, синфдан ташқари тўгараклар фаолиятини янада жонлантириш, мактабдаги психолог ва синф раҳбари ҳамкорлигини тизимли йўлга қўйиш, маънавий-маърифий ишлар бўйича мактаб директори ўринбосари масъулиятини ошириш мавзуларида маърузалар тингланди.

Манба: Икром Аввалбоев, ЎзА

  • 789