Сўровнома
  1. Сиз учун ахборот ошкорлиги учун қандай маълумотлар базаси зарур?
Ҳокимият янгиликлари

“Соғлом авлод учун” фонди томонидан Юқори Чирчиқ туманида тиббий акция ўтказилди

31.10.2016
“Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди Корея Республикасининг “Probono” халқаро ҳамкорлик фонди грант лойиҳаси асосида Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ туманида аҳолини чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказди.
“Аҳоли саломатлиги йўлида” шиори остида ташкил этилган акцияда мамлакатимизда оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифати ва самарадорлигини ошириш, тиббиёт муассасалари моддий-техник базасини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди. Биринчи Президентимизнинг 2014 йил 1 августдаги “2014-2018 йилларда Ўзбекистонда аҳолининг репродуктив саломатлигини янада мустаҳкамлаш, оналар, болалар ва ўсмирлар соғлиғини муҳофаза қилиш борасидаги Давлат дастури тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлаётир.

Аҳоли “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фондининг ҳудудлараро кўчма тиббий-ижтимоий ёрдам бригадаси мутахассислари – акушер-гинеколог, терапевт, педиатр, УТТ шифокори, ЭКГ мутахассиси томонидан чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилиб, беморларга зарур ҳолларда санитария-гигиена воситалари, дори-дармонлар тарқатилди.

– Аҳолини тиббий кўрикдан ўтказиш билан бирга, улар иштирокида соғлом турмуш тарзи, уни тўғри ташкил этишга бағишланган семинар-тренинглар ташкил этилди, – дейди лойиҳа координатори Шоира Иноғомова. – Нуронийлар, ижтимоий муҳофазага муҳтож, жисмоний имконияти чекланган инсонлар ҳолидан хабар олингани мазкур акция қамровининг кенгайишига хизмат қилмоқда.

Бундай тиббий кўрик Ўрта Чирчиқ тумани, Олмалиқ ва Оҳангарон шаҳарларида ҳам ўтказилади.

Манба: Икром Аввалбоев, Оқил Ғуломов (сурат), ЎзА

  • 743