Сўровнома
  1. Сиз учун ахборот ошкорлиги учун қандай маълумотлар базаси зарур?
Ҳокимият янгиликлари

Она тилимиз – миллий ғуруримиз

23.10.2020

Она тилимиз камситилиб, келинаётган бир даврда, Маҳмуд Қошғарий ўзининг эски ўзбек тилида ижод қилиб, тилимизнинг луғат бойлигини намойиш қилди. Алишер Навоий форс тили каби ўзбек тилининг ҳам сўз бойлигининг нималарга қодир эканлигини ўзининг қатор асарларида намоён қила билди. Жаҳон аҳли буюк шоирнинг асарларини ўз тилларига таржима қилишиб, жаҳоннинг машҳур кутубхоналарида мангуликка сақлаш учун нуфузли жойлардан ўрин беришди. Асар муаллифларига ҳурмат ва эҳтиром кўрсатилиб, уларнинг суратлари кўринарли жойларга осиб қўйилди. Шу кунгача Франция ва Буюк Британиянинг нуфузли кутубхоналари 100 дан ортиқ ўзбек тилида ёзилган олимларнинг илмий ишлари, шоирларнинг асарлари сақлаб келинмоқда.

1989 йили 21 октябр ойида ўзбек тили Ўзбекистон Республикасининг Давлат тили сифатида эълон қилинди. Ўзбек тили Республикамизда ўтказиладиган олий даражадаги давлат анжуманларида қўлланиладиган, ривожланиш истиқболи қонун билан белгиланган тилга айланди. Бу эса ўзбек халқининг азалий орзуси эди. Бу йўлда қурбон бўлган ўзбек халқининг ажойиб фарзандлари ниятларининг ижобати бўлди. Ўзбекистон Республикаси Конститутциясининг 4-моддасида : “Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ўзбек тилидир” деб ёзиб қўйилган. Бугунги кунга келиб ўзбек тилининг луғат бойлиги анчагина кенгайган. Мактабларда ўқитилаётган дарсликларда ҳар бир сўзнинг турли маънолари, улар англатган нозик мазмун фарқлари ҳақида батафсил маълумотлар беришга ҳаракат қилинмоқда.

Йиллар, асрлар оша сайқалланиб, мазмунан бойиб кенгайиб бораётган она тилимиз, замонлар силсиласида бир неча синовларни бошидан кечирди. Қадим тарихи узоқ асрга бориб тақаладиган туркий тилимиз, аввало тош битикларда акс этган бўлса, XI асрларга келиб Юсуф Хос Ҳожиб, Маҳмуд Қошғарий, Рабғузий асарлари орқали сайқалланди.

XV асрга келиб ўзбек тилининг асосчиси деб тан олинган Мир Алишер Навоий бобомиз бу тилнинг сайқалланишига ўзининг улкан ҳиссасини қўшди. Форс, тожик тилида ёзилган ғазаллар нақадар гўзал ва оҳангдор эканлигини таъкидлашиб, шу тилда ғазал битишни афзал билишаётган бир пайтда, Алишер Навоий ўзининг бир қатор илмий ва бадиий асарлари билан ўзбек тилининг қанчалик бой ва гўзал тил эканлигини амалда исботлаб берди. XIX асрда мамлакатимизнинг чоризм томонидан босиб олиниши натижасида халқимиз ҳаётида руслантириш авж палласига чиқаётган даврда, маърифатпарвар ёзувчи ва шоирларимиз Абдулла Авлоний, Мунаввар қори, Абдулла Қодирий, Чўлпон, Беҳбудийлар каби бир қатор миллатпарварларимиз ўзбек тилидаги асарлари билан тилимиз ривожини янада юқорига кўтарди.

Ўзбек тилимизнинг куч – қудратини бутун дунёга кўз – кўз қилган забардаст шоир ва ёзувчиларимиз Ўткир Ҳошимов, Худойберди Тўхтабоев, Саид Аҳмад, Мирмухсин, Шухрат, Ғафур Ғулом, Ҳамид Олимжон, Зулфия, Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов ва Муҳаммад Юсуфларнинг асарлари она тилимизда дунё юзини кўргани, бадиятлар хазинасидан муносиб ўрин олгани ва тилимиз ривожига ўз ҳиссасини қўшганлигининг гувоҳи бўлиб турибмиз.

Йиллар ўзгараверади, дунёда ўзгаришлар, ривожланишлар кўпаяверади. Аммо миллий тилни асраб ардоқлаш, унинг ривожи учун хизмат қилиш ҳеч қачон ўз аҳамиятини йўқотмайди. Бугунги кунда Ўзбекистон ҳукумати томонидан олиб борилаётган ишлар ўзбек тилни нуфузини ошириш, халқаро давлатларга янада кенг таништириш ва ешларда ватанпарварлик, садоқат ва сержило оҳанграбосини келажак авлод онгига муҳрлаш, буни амалда кўрсатмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги Фармонига мувофиқ 21 октябрь "Ўзбек тили байрами куни" деб ва ўзбек тилни ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар белгиланди.

Куни кеча Президентимиз «Мамлакатимизда ўзбек тилини янада ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармонни имзолади. Фармонга кўра келажак 10 йилда ўзбек тилини ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш концепцияси ҳамда асосий йўналишлари тасдиқланди. Асосий йўналишлардан бири давлат мактабгача таълимдан бошлаб, умумтаълим мактабларида, олий таълим муассасаларида узбек тилини камровини ва ўқитиш кўламини ошириш, ўзбек тили луғатини бойитиш ва электрон дастурларини яратиш, 2030 йилга қадар хорижий олий таълим муассасаларида ўзбек тилини ўргатувчи марказлар сонини кўпайтиришдир.

Хозирги кунда хорижий мамлакатларда тилимизга эътибор ва уни ўрганишга қизиқиш кучаймоқда. Ўзбек тили бир қатор ривожланган давлатларнинг университетларида ўқитилмоқда, булардан бири Лос Анжелесдаги Калифорния университети, Айова университети, Мичиган давлат университети, Индиана университетнинг Марказий Евроосиё тадқиқотлари департаментида ўзбек тили бакалавриат даражада ўқитиладиган асосий фанлардан биридир. Хорижий профессорлар, талабалар, тадқиқотчиларнинг ўзбек тилига қизикиши аввалаб бор унинг бой адабиёти ва Ўзбекистон тарихига қизиқиши кучлидир. Ўзбекистон Марказий Осиёнинг марказида жойлашганлиги, империялар, таьлим ва савдо маркази болганлиги, Хитой ва Ғарб ўртасида жойлашган қадимий Ипак йўли ва унда жойлашган кўплаб шахарлар, эътиборни тортмоқда.

Бугунги кунда айникса глобаллашув жараёнида ўзбек тилни асраб қолиш, уни давлат тили сифатида фойдаланишни кенгайтириш, хорижий мамлакатларда кенг таркалишини замон талабидир.

Зуҳра ШОДИЕВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати



  • 254