Сўровнома
  1. Сиз учун ахборот ошкорлиги учун қандай маълумотлар базаси зарур?
Ҳокимият янгиликлари

Хотин-қизларга касб ва бизнес сирлари ўргатилмоқда

16.09.2020
Бугун жамиятимизда “Тадбиркор аёл”, “ишбилармон аёл”” каби иборалар кўп ишлатилмоқда ва янада оммалашмоқда. Боиси, ҳақиқатан ҳам мамлакатимизда хотин-қизларни тадбиркорликка жалб қилиш, улар орасида фаолият юритаётган тадбиркор аёлларни қўллаб-қувватлаш каби имкониятлар кўлами тобора кенгайиб бораётир.
Тошкент вилояти Хотин-қизлар Тадбиркорлар маркази раҳбари Шоҳиста Мадиярова бошчилигида бугун вилоятимизнинг ҳар бир туман, шаҳарида “Тадбиркорлик марказ”лари фаолияти йўлга қўйила бошланди. Аёлларни тадбиркорликка жалб этишдан аввал, уларга касб-ҳунар ўргатиш, тадбиркорлик ва бизнес асослари тўғрисида зарур маълумотлар беришга алоҳида эътибор қаратилди.
Ангрен шаҳридаги “Истиқбол” маҳалласида фаолият юритаётган “Аёллар маъанавият ва маърифат маскани” бугун тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш иштиёқидаги аёл-қизлар билан гавжум.
Вилоят Хотин-қизлар Тадбиркорлик маркази, шаҳар ҳокимлиги ҳамда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими ҳамкорлигида ўқув машғулотлари ташкил этилаяпти. Бугун тикувчилик йўналишида зарур билим ва кўникмаларга эга бўлган 20 нафардан ортиқ хотин-қизга марказ томонидан сертификатлар берилди.

Шоҳиста МАДИЯРОВА - Тошкент вилояти Хотин-қизлар Тадбиркорлик маркази раҳбари:

- Вилоятимизда фаолият юритаётган тадбиркорларнинг 40 фоизини хотин-қизлар ташкил этади. Тадбиркор аёллар фаолиятини ривожлантириш учун зарур молиявий ресурслар ажратилаяпти, қўлида касб-ҳунари йўқ, “темир дафтар” рўйхатига киритилган аёл-қизларимизга эса бепул ўқув курслари ташкил этилаяпти. Ўз бизнесини бошлаш арафасида бўлган аёлларимиз ҳозирги кунда тикувчилик, сартарошлик, қандолатчилик, бухгалтерия ҳисоби каби йўналишларга қабул қилинмоқда. Деярли 60 нафардан зиёд аёлларимиз тикувчилик сир-асрорларини ўргандилар, сертификатлар берилди. Асосан, бичиш-тикиш, ушбу йўналишнинг бизнес асослари бўйича машғулотлар олиб борилаяпти. Бундан ташқари, семинар-тренинглар ўтказиш режалаштирилган. Шунингдек, уста-ҳунармандлар томонидан қатор йўналишларда маҳорат сабоқлари ташкил этилади.
Бугун Ангрен шаҳар Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи, шаҳар ҳокимининг ўринбосари Наргиза Назарова ”Истиқбол” маҳалласида ташкил этилган ўқув машғулотларидаги жараён билан яқиндан танишди. Улар билан мулоқотда бўлди ва қизиқишлари билан ўртоқлашди. Ҳар бири билан мулоқот жараёнида тегишли маслаҳатлар, таклиф ва тавсиялар берди. Тикувчилик йўналиши бўйича кўникмаларга эга бўлган аёл-қизларга сертификатлар берилди.



  • 97