Сўровнома
  1. Сиз учун ахборот ошкорлиги учун қандай маълумотлар базаси зарур?
Ҳокимият янгиликлари

Хонадондан бошланар ободлик

26.06.2020

Тошкент тумани прокурори, 2-сектор раҳбари Алишер Назаров ва туман ҳокимининг ўринбосари, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи Иброҳим Саидикаримовлар оилаларда маиший маданиятни ошириш, хонадонларни обод қилиш, пировард натижада эса аҳоли турмуш сифатини яхшилаш каби ишларни мувофиқлаштириш мақсадида Гулистон ҳудуди, “Саноат” маҳалласидаги бир нечта хонадонларда бўлиб, фуқаролар орасида хайрия ва тарғибот ишларини ўтказдилар.

“Жонажон юртим ободлигига ўз ҳиссамни қўшаман” шиори остида “Обод маҳалла”, “Обод кўча” ва “Обод хонадон” мезонларига асосланган ҳолда жойларда ўтказилаётган хайрия ва тарғибот тадбирлари, маҳалла аҳолисида ўзи яшайдиган ҳудудини асраб-авайлаш ва саришта сақлашга масъулият билан ёндашиш ҳиссини кучайтириш, жонажон Ватанимизнинг ҳар бир гўшасида, уйларимизда фаровонлик, файз-барака, қолаверса, фаровон ҳаётни таъминлашга эришиш мақсадида тадбиқ қилиниб, бу каби амалий ишлар мамлакатимизнинг ҳар бир ҳудудида, жумладан, Тошкент туманида ҳам изчиллик билан амалга ошириб келинмоқда.

Туман прокурори ва ҳоким ўринбосари бу сафарги тарғибот тадбири давомида “Саноат” маҳалласи, “Саноат” кўчаси 102-уйда яшовчи фуқаро Малоҳат Қодирова хонадонидаги таъмирлаш ишлари билан танишиб, ўзларининг тавсияларини бердилар. Шунингдек, “Саноат” кўчаси 46-“Б” уйда истиқомат қилувчи фуқаро Вазира Муродова хонадонидаги электр тармоқлари билан боғлик муаммони ўрганиб, уни жойида ижобий ҳал этиш бўйича тегишли чоралар кўрдилар. “Саноат” кўчаси 110-уйда яшовчи эҳтиёжманд оила Ҳикмат Иботов хонадонида эса таъмирлаш ишларини кўздан кечириб, фуқарони бандлигини таъминлаш бўйича бир нечта таклифлар бердилар.

Умуман олганда, “Обод хонадон”, “Обод кўча” ва “Обод маҳалла” тарғибот тадбирларига старт берилган кундан шу вақтгача тумандаги 68 та маҳалланинг 223 та кўчаси ва ички йўллари тартибга келтирилди. Жумладан; 5365 та дарахтларга шакл берилиб, 11,7 тонна маиший чиқиндилар олиб чиқиб кетилди. “Бештерак”, “Шамсиобод”, “Кўҳинур” маҳаллаларининг 3,2 км узунликдаги ариқлари тозаланиб, ичимлик суви қувури тортилди.

15 та хонадонда таъмирлаш ишлари ўтказилиб, шуларнинг 6 тасида уйнинг фасад қисми бўялган бўлса, 3 тасида тандирхона ва ўчоқхоналар таъмирланди, 3 та хонадон том қисми, 2 та хонадон эшик-ромлари алмаштирилди.

“Жонажон юртим ободлигига ўз ҳиссамни қўшаман” шиори остида ўтказилаётган тадбирлар давом этмоқда.

Жараён билан тумандошларимизни хабардор этиб борамиз.



Манба: Тошкент вилояти ҳокимлиги Ахборот хизмати

  • 142