Сўровнома
  1. Сиз учун ахборот ошкорлиги учун қандай маълумотлар базаси зарур?
Ҳокимият янгиликлари

«Бўстонлиқ-фарм»да лойиҳа қиймати қарийб 46 миллион долларлик 7 та лойиҳа амалга оширилмоқда

29.06.2020
«Бўстонлиқ-фарм» эркин иқтисодий зонасида айрим лойиҳаларни амалга оширишда сусткашликлар кузатилмоқда.

Эркин иқтисодий зонада амалга оширилаётган ишлар муҳокамасига бағишланган йиғилишда Тошкент вилояти ҳокими ўринбосари Жамшид Абдусаломов ва бир гуруҳ мутасаддилар томонидан лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш билан боғлиқ муаммолар атрофлича таҳлил қилинди.

Унда асосий эътибор Президентимизнинг 2017 йил 25 октябрдаги «Эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналари фаолияти самарадорлигини ошириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, қабул қилинган ҳукумат қарори ижросига қаратилди. Хусусан, жорий йилнинг учинчи чорагида фойдаланишга топширилиши режалаштирилган "San Med Cotton Impex" масъулияти чекланган жамияти лойиҳаси, уни амалга ошириш билан боғлиқ юзага келаётган муаммо ва уни бартараф этиш чоралари муҳокама қилинди.

Муҳокамалар жараёнида айрим лойиҳаларнинг оқсаётганлиги таъкидланиб, муддатлари кечикаётган лойиҳа ташаббускорлари билан мулоқот ўтказилди. Мавжуд муаммо ва камчиликларни бартараф этиш юзасидан тегишли кўрсатмалар берилди.

Тошкент вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати маълумотларига кўра, кейинги пайтда вилоят инвестиция салоҳиятини оширишга алоҳида эътибор қаратиляпти. Хусусан, фармацевтика тармоғини янада ривожлантириш ва экспортбоп маҳсулот турларини кўпайтириш мақсадида умумий майдони 41,5 гектарни ташкил этувчи «Бўстонлиқ-фарм» ЭИЗ ҳудудининг 22,6 гектар майдонида қиймати қарийб 46 миллион доллардан иборат 7 та лойиҳа амалга оширилмоқда. Бунинг натижасида ҳудудда 610 та янги иш ўрни яратилади.


Манба: ЎзА

  • 111