Сўровнома
  1. Сиз учун ахборот ошкорлиги учун қандай маълумотлар базаси зарур?
Инвестиция лойиҳалари

Тошкент вилояти: бўш турган объектларда янги инвестиция лойиҳалари

Жорий йилда Тошкент вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида бир қатор ишлар амалга оширилган. Жумладан, ўтаётган йилнинг тўққиз ойи давомида 3,2 трлн. сўмлик 163 та инвестиция лойиҳаси бажарилган, 13 263 та янги иш ўрни яратилган, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 9 фоиз, пудрат ишлари 11 фоиз ва хизмат кўрсатиш 5 фоиз ошган.

Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 13 ноябрдаги “2018-2019 йилларда Тошкент вилоятини комплекс ривожлантириш чора-тадбирлари дастури тўғрисида”ги қарорида шу каби маълумотлар келтирилиши билан бирга, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш бўйича ўтказилган ўрганишлар ҳудуднинг инвестиция муҳитини яхшилаш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб этиш, бўш турган бинолардан самарали фойдаланиш, бюджет тушумларини кўпайтириш борасида бир қатор камчиликлар мавжудлигини кўрсатганлиги қайд этилган.

Шундан келиб чиқиб, қарорда таъкидланганидек, ҳудуднинг мавжуд табиий ва меҳнат ресурсларидан тўлиқ ва самарали фойдаланиш, тадбиркорликни жадал ривожлантириш ва аҳоли турмуш даражаси ва сифатини янада ошириш мақсадида Тошкент вилоятида ижтимоий-иқтисодий соҳада жорий йил учун белгиланган устувор вазифаларнинг 2018 йил тўққиз ойидаги ижроси сарҳисоб қилиниб, уларнинг йил якунига қадар тўлақонли бажарилишини таъминлаш, шунингдек, 2019 йилда барча йўналишдаги устувор вазифаларнинг амалга оширилишига доир комплекс чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилган. Шунингдек, янги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, саноат, сервис инфратузилмаси ва бошқа соҳаларни ривожлантириш бўйича таклифлар тайёрланган. Вилоят ҳудудида ўтказилган хатлов натижасида бўш турган 7 641 та объект аниқланганлиги кўрсатилган.

Қарор асосида 2018-2019 йилларда Тошкент вилоятини комплекс ривожлантириш чора-тадбирлари дастури тасдиқланган. Унда 2018-2019 йилларда Тошкент вилоятини комплекс ривожлантириш чора-тадбирлари дастурининг молиялаштириш манбалари, таълим муассасалари, соғлиқни сақлаш, маданият ва спорт объектлари ҳамда бошқа йўналишдаги объект­ларни қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш бўйича, йўл-транспорт инфратузилмасини такомиллаштириш, электр энергия, табиий газ, ичимлик ва оқова сув тармоқларини қуриш, реконструкция ва модернизация қилиш, ободонлаштириш ҳамда аҳолининг яшаш шароит­ларини яхшилаш юзасидан, бандлик даражасини ошириш, қурилиш, экология, туризм ва бошқа соҳаларда амалга ошириладиган ишларга оид чора-тадбирлар белгиланган. Озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат товарлари, шунингдек, қурилиш материаллари, енгил саноат ва бошқа саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш, савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаси қувватларини модернизациялаш, янгидан барпо этиш, техник ва технологик жиҳатдан янгилаш, қишлоқ хўжалигини ва туризм соҳасини ривожлантириш бўйича истиқболли инвес­тиция лойиҳаларининг манзилли рўйхатлари чиқарилган.

Қарорда бир қатор вазирлик ва идораларга ижрони таъминлашга доир вазифалар юклатилган. Масалан, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси томонидан 2019 йилнинг 1 июнига қадар кадастр ҳужжатларини шакллантириш жараёнини соддалаштириб, вилоятда бинолар, иншоотлар ва кўп йиллик дарахтларга бўлган ҳуқуқнинг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома ўрнига махсус QR код билан ҳимояланган кадастр паспорти бериш ҳамда инвестиция муҳитини янада ошириш мақсадида бир туман мисолида қишлоқ хўжалиги ерлари ажратишни аукцион тарзида “блокчейн” тизими орқали жорий этиш таъминланиши белгиланган.

Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасига эса Тошкент вилояти ҳокимлиги ҳамда Инвестиция­лар бўйича давлат қўмитаси билан биргаликда хатлов натижасида аниқланган қурилиши тугалланмаган, бўш турган 6 177 та нотурар бино ва иншоот, фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдони негизида уларнинг мулкдорлари билан биргаликда инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича “йўл хариталари”ни тасдиқлаб, ижроси бўйича мониторинг юритиш юклатилган.



  • 930